Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Шоҳжаҳон Эргашев Америкада ҳам ўз анъанасини давом эттириб, рақибини муддатидан аввал таслим қилди.
Шоҳжаҳон Эргашев: Америкага келишдан мақсад? Мен олтин камарни Ўзбекистонга олиб боришни истайман!
Профессионал рингда бунгача 10 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида қаршисидаги рақибини нокаут қилган Эргашев, дунё бокс марказида ҳам бу юришини давом эттира олди. Унинг Америкадаги илк рақиби Маркес Хоуторн бўлди.Хоуторнга қарши жангнинг 1-раундида ўзбекистонлик спортчи катта устунликка эга бўлди. 2-раунднинг дастлабки 10 сонияси эса нокаут учун кифоя қилди. Эргашевнинг биринчи яхши зарбасидан кейинроқ америкалик боксчи йиқилиб тушди, бироқ очилган вақтдан кейин, ўзига келиб олди. Орадан кўп ўтмай, Шоҳжаҳон иккинчи аниқ зарбаси билан масалани ҳал қилди: 11 та жанг ва 11 та нокаут.
Маркес Хоуторн профессионал рингда 12 та жанг ўтказиб, шуларнинг 5 тасида зафар қучган ва 7 тасида имкониятни бой берганди. Бу унинг учун 8-мағлубият бўлиб тарихга кирди.
«Оламспорт» нашрининг хабар беришича, Шоҳжаҳон Эргашев Ропқон бокс мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Унинг устози Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Рустам Мажидовдир.
Изоҳ (0)