Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган парфюмерия дўконларидан бирида 2 ноябрга ўтар кечаси ўғрилик юз берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабар беришларича, номаълум шахс дўкон эшиги қулфини калит танлаш йўли билан очиб, баҳоси 33 452 000 сўмлик мол-мулкини ўғирлаб, жиноят жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилиниб Рихсибой Тожибоев қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари (ўғирлик, яъни анча миқдорда, омборхона ва бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда», — дея хабар бермоқда шаҳар ИИББ ахборот хизмати.
Изоҳ (0)