RM Sotheby’s кимошди савдо уйи бир вақтлар Apple компанияси раҳбари Стив Жобсга тегишли бўлган BMW Z8 родстерини сотувга қўйди. 24 462 километр йўл босган автомобилни камида 300—400 минг долларга сотиш режалаштирилмоқда, дея хабар бермоқда «Мотор».
Жобс бу машинани Oracle бош директори Ларри Эллисоннинг тавсиясига кўра сотиб олган. Унинг фикрича, бу автомобиль, худди Apple маҳсулотлари каби, замонавий муҳандислик ва эргономика тимсоли эди.
Сотувга қўйилган автомобиль 2000 йил 1 апрелида ишлаб чиқарилган ва 6 октябрь куни Стив Жобсга етказиб берилган. Бу родстер Америка бозори учун ишлаб чиқарилган 85- ва эгасига етказиб берилган 67-намуна бўлган. Z8 га қўшиб, родстер Пало-Altoда Жобс номига расмийлаштирилганини тасдиқловчи техник созлик ҳақидаги сертификат ҳам берилади. Машина 2003 йилда ҳозирги эгасига сотилган.
BMW Z8 родстери 1999—2003 йилларда ишлаб чиқарилган. Жами 5 703 дона шундай автомобиль сотилган. Машина алюминий рама асосида қурилган. Кузов панеллари ҳам шу материалдан тайёрланган. Z8 ни ишлаб чиқишда пайвандлаш ва экструзиянинг инновацион услубларидан фойдаланилган.
Родстер М5 спорцеданининг ҳажми 4,9 литр, қуввати 408 от кучига тенг V8 мотори билан таъминланган. Бу двигатель олти босқичли «механика» воситасида юргизилган. Автомобиль 4,7 сония ичида соатига 100 километрлик тезликка эришган. Родстернинг энг юқори тезлиги соатига 250 километр билан чеклаб қўйилган эди.б
Изоҳ (0)