Миллионерларни бошқалардан нафақат банк ҳисобларидаги йирик суммалар, балки бутунлай ўзига хос дунёқараш ҳам ажратиб туради, деб ёзади InsiderPro.
Миллионер Стив Сиболд 26 йил давомида бадавлат кишиларнинг одатлари ва хулқ-атвори ҳақида маълумотлар тўплади. Бу вақт давомида у кўплаб мультимиллионерлар ва миллиардерлар билан учрашиб, суҳбатлашди. Ўз хулосаларини «Бойлар қандай фикрлайди?» китобида баён қилди.
Сиболд аниқлаган энг муҳим нарса — бойлик сири пул топиш механизмида эмас, бадавлат кишиларни бошқалардан ажратиб турувчи фикрлаш тарзида. Қуйида асосий саккизта фарқ билан танишишингиз мумкин.
- Бойлар пуллар уларнинг ҳуқуқи деб ҳисоблайди
Сиболд шундай ёзади: «Дунё миқёсида фикрловчилар капиталистик мамлакатларда жамиятга катта фойда келтираётган бўлса, бадавлат бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини билади».
Оддий одамлар фақат омадли кишилар бой бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Фикрлашдаги бу фарқ уларни лотерея ўйнашга мажбур қилади, истиқболли бойларни эса — ишлашга.
- Бойлар шахсий бизнес — бойлик тўплашнинг энг тезкор усули эканлигини билади
«Ҳақиқат шундаки, доимий иш шахсий бизнесдан хавфсизроқ эмас. Биринчи қарашда бу мантиққа зиддек туюлса-да, ўзига ишловчи одамлар қўшимча маблағ манбаларини қидириш ва даромадини ўз хоҳишига кўра ошириш имкониятига эга», — деб ёзади Сиболд.
Албатта, ўз ишини йўлга қўйиш маълум бир хавфлар билан боғлиқ, бироқ миллионерлар бу хавф ўз салоҳиятини намоён этишдан хавфлироқ эканлигини билади.
«Кўпчилик кишилар унча катта бўлмаган маош тўланадиган ишда қолиб, доимий муҳтожликдаги ҳаётини кафолатлайди», — қўшимча қилади Сиболд.
- Бадавлат кишилар топқирлик муваффақият калити эканлигини тушунади
Сиболд шундай ёзади: «Мактабдаги беш баҳолар бойлик калити бўлганда эди, коллежни аълога тамомлаган ҳар бир битирувчи миллионерга айланарди. Бироқ бойлик маълумотларни эслаб қолиш ва имтиҳонларни муваффақиятли топшириш қобилиятига эмас, соғлом фикрлашга боғлиқ».
Зийракликни қандай шакллантириш мумкин? Бадавлат инсонлар қандай фикрлаши ва пулларни қандай ишлатишини билишга ҳаракат қилинг.
- Бойлар жамоа бўлиб ишлашга ишонади
«Миллионерлар ҳаётда ишончли жамоа зарурлигини яхши билади ва ғоя ва режаларини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам беришга қодир иқтидорли кишиларни қидиришга асосий эътиборини қаратади. Буюк имкониятлар кишиларнинг биргаликдаги ақлий ва жисмоний ҳаракатлари туфайли яратилади», — деб ёзади Сиболд.
- Бойлар пул топиш жуда осон эканлигини билади
«Одамлар доим бадавлат инсонлар ақллироқ, яхшироқ таълим олган ва омадлироқ деб ҳисоблайди. Бу албатта янглиш фикр», — деб ёзади Сиболд.
Бойлар пуллар ғоялар ва муаммолар ечимидан келишини тушунади. Ечим қанчалик муваффақиятли бўлса, мукофот ҳам шунчалик юқори бўлади. Миллионерларнинг ўзига хос ҳеч қандай сири йўқ. Одамларнинг кўпчилигига уларни чекловчи маслаклари халақит беради.
- Бадавлат кишилар бойиб кетиш учун ўйлаш кераклигини тушунади
Сиболд ўрта синф даромадни оширишнинг ягона йўли кўпроқ ишлаш деган фикрда эканлигини тушунтиради. У шундай ёзади: «Дунёда ижодий фикрлаш энг кўп қадрланади. Кўпроқ пул топиш учун ақлингизни мураккаб муаммолар ечимини излашга чархланг».
- Бойлар пуллар — бу эркинлик деб ҳисоблайди
«Бадавлат кишилар пулларга улар ва оила аъзоларининг имкониятлари чегарасини кенгайтирувчи яратувчи восита сифатида қарайди», — деб ҳисоблайди Сиболд.
Улардан фарқли равишда оддий одамлар пулларни «зулм воситаси» деб ҳисоблайди. Бойлар учун пуллар чексиз имкониятлар очувчи ресурс. Камбағаллар эса уларнинг муҳимлигини рад этади. Бундай муносабат билан уларнинг камбағал эканлиги ҳайратланарли эмас.
- Бадавлат инсонлар ўзини ифодалаш учун ишлайди
Сиболд шундай дейди: «Миллионерлар фақат пул учун ишлаш — бойлик яратиш йўлидаги энг ёмон стратегия эканлигини яхши билади».
У энг юқори маошли иш эмас, ижодий имкониятлари катта бўлган машғулот қидиришни тавсия қилади. Бундай машғулотни топганингизда ўз соҳангизнинг энг яхши мутахассиси бўлиш учун чин дилдан киришинг. Бунинг эвазига ноодатий бойлик билан мукофотланасиз.
Изоҳ (0)