Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри бўлими ходимлари жами 3,5 миллиард сўм қарздор бўлиб қолган «Нокис темир бетон қурилис» МЧЖга тегишли кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларига нисбатан хатлов учун қидирув ишларини амалга оширган эди, дея хабар бермоқда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
Ўтказилган тадбирлар жараёнида ушбу жамият ҳисобига олинмасдан турган Нукус шаҳри Қорақалпоғистон кўчаси 32-сонли кўп қаватли 40 та хонадонга мўлжалланган яшаш уйлари ҳамда 10 та савдо ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш дўкони бор эканлиги аниқланиб, қарзни ундириш мақсадида бу кўчмас объектлар хатловга олинади.
Кўп қаватли уйнинг хатловга олинганидан хабар топган шу кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаролар ва дўкон эгалари норозилик намойиши қилиб, юқори турувчи идораларга мурожаат қилади ҳамда келиб чиққан ушбу мураккаб муаммони ижобий ҳал этилишини сўрайди.
Маълум бўлишича, ушбу уй ва дўконлар қонуний сотиб олинганига қарамасдан 2014 йилдан буён эгалик ҳуқуқларини тасдиқловчи олди-сотди шартномалари расмийлаштирилмаган, кадастр ҳужжатлари ишланмасдан қолган, ҳаттоки қурилиш ишларини амалга оширган «Нокис темир бетон қурилис» МЧЖ ҳам бу иморатни ўз балансига олмаган.
Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими мазкур масалага қонуний тартибда муносабат билдиради ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 228-моддаси талабидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон кўчаси 32-сонли кўп қаватли 40 та хонадон ва 10 та дўкон биноси жамиятга ўтказилади ҳамда шу орқали кўчмас мулк эгаларига нотариал тартибда олди-сотди шартномалари расмийлаштирилади. Шу тариқа бу объектлар ижро хатловидан чиқарилади.
Шундай қилиб, уларнинг ҳар бирига кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб, уч йил мобайнида ҳал қилинмаган муаммо 10 кун ичида қонуний ҳал этилди ва натижада 42 фуқаронинг хусусий мулкка бўлган эгалик ҳуқуқлари тиклаб берилди.
Изоҳ (0)