Alibaba’нинг асосчиси, хитойлик миллиардер Жек Ма Москвадаги «Сколково» инновацион марказида бўлиб ўтган «Рақамли иқтисодиёт» конференциясида ишлаб чиқариш билан фақат машиналар шуғуллана бошлагач, «электрон иқтисодиёт» юзага келишини башорат қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Роботларнинг ишлаб чиқаришга киритилиши ҳисобига иш ўринларининг йўқотилиши ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, Ма келажакда нафақат электрон савдо, балки электрон иқтисодиёт ҳақида ҳам гапириш мумкин бўлишини айтди.
«Ишлаб чиқариш янги иш ўрни яратмайди, чунки машиналар, сунъий интеллект ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Одамлар бошқа бирор нарса билан шуғулланади», — деб маълум қилган миллиардер. Жек Манинг сўзларига кўра, аввал «одамлар роботлар каби ишлаган, келажакда эса роботлар одамлар каби ишлайди».
Манинг фикрича, аввалги саноат инқилобларида бўлгани каби, меҳнат бозорининг тузилмаси ўзгариши керак. Одамлар ишлаб чиқаришга робототехниканинг киритилишидан хавотирга тушмаслиги керак — муаммо ўз-ўзидан ечилиши керак.
Миллиардернинг сўзларига кўра, 30 йилдан кейин интернет нефтдан кўра муҳимроқ бўлади. Шу билан бирга, у интернетнинг дунё бўйлаб ёйилиши нотенг бўлаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)