Германиялик олимлар 57 йирик дарёни ўрганиб, дунё океанига пластик чиқиндининг 95 фоизи ўнта дарёдан тушишини аниқлади. Уларнинг аксарияти Осиёда жойлашган, деб ёзади «Наука ТВ».
Германия Гельмгольц номидаги марказ гидрогеологларининг охирги тадқиқоти дунё океанидаги пластик чиқинди ҳажмининг 88-95 фоизи ўнта дарёга тўғри келишини кўрсатди. Улардан саккизтаси Осиёда жойлашган.
Бу дарёлар Осиёдан оқиб ўтувчи Янсзи, Инд, Хуанхе, Хайхе, Ганг, Чжуцзян, Амур, Меконг, шунингдек, Африканинг Нигер ва Нил дарёлари эканлиги маълум бўлди.
Денгиз экотизими ифлосланишидан етадиган зарар 7,9 миллиард доллардан ортиқ. Пластик чиқинди 1 миллионга яқин денгиз қуши, 100 минг денгиз сутемизувчиси ва сон-саноқсиз балиқларни ўлдиради, деб ёзади Daily Mail.
«Тозалаш бўйича чоралар анча самарали бўлиши мумкин... Ушбу ўнта дарёдаги пластик миқдорини 50 фоизга қисқартириш денгиз ва дарёлар умумий ифлосланишининг 45 фоизга камайишига олиб келади», — дейди доктор Кристиан Шмидт.
Изоҳ (0)