Россия Филиппин ҳарбийларига терроризмга қарши кураш учун беш мингта автомат ва 20 та юк автомобилини совға қилди. Бу ҳақда Филиппин президенти Родриго Дутертенинг баёнотига таяниб, Тhе Philippine Star хабар бермоқда.
«Бизда беш мингта Калашников автомати ва 20 та ҳарбий юк машинаси бўлади. Бу терроризмга қарши кураш учун Россиянинг совғаси. Транспорт 22 октябрда етиб келади», — дея таъкидлаган президент. Шунингдек, у қуроллар ва машиналарнинг бепуллигини қўшимча қилган.
Филиппинликлар ўз ҳудудида жиҳодчиларга қарши курашмоқда. Марави шаҳри учун кураш 2017 йилнинг 23 майида ИШИДга қасамёд қилган жангарилар томонидан эгаллаб олингач бошланган. Расмий маълумотларга кўра, жанглар вақтида 158 нафар аскар, 87 нафар тинч аҳоли вакили ва 774 нафар жангари ҳалок бўлган.
Владимир Путин ва Дутерте ўртасида жорий йилнинг 21 майида бўлиб ўтган учрашувда Филиппин президенти Путиндан замонавий қуроллар сўраган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)