Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Россиянинг Владимир вилоятида рўй берган ЙТҲ ҳақида расмий баёнот берди. Баёнот матни ЎзАда келтирилди.
2017 йил 6 октябрь куни Россия Федерациясининг Владимир вилоятида автобус ва йўловчи поезди иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг оқибатида 16 киши ҳаётдан кўз юмган.
Ҳалок бўлганларнинг 15 нафари Ўзбекистон фуқароси, бир нафари Қозоғистон фуқароси бўлган. Яна беш нафар Ўзбекистон фуқароси турли даражадаги тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистон Президенти ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Унинг зиммасига Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида ҳалок бўлганларнинг жасадини ва жабрланганларни Ўзбекистонга олиб келиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари томонидан йўл-транспорт ҳодисасига учраган фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат ҳалок бўлганлар ва жабр кўрганларнинг оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, муқаддам Ўзбекистон ТИВ ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 19 кишини ташкил этгани борасида баёнот билан чиққан эди.
Изоҳ (0)