Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олди.
«Ўзбекистон Президентининг 5—6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотнинг давоми сифатида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашади», — дейилади ЎзА ахборотида.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қўшма декларация қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Президентларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюриши ҳам режалаштирилган.
Изоҳ (0)