Тошкент мезбонлик қилган Asian Fight турнирида жанг қилган ва озарбайжонлик рақибини нокаутга учратган ўзбекистонлик Маҳмуд Муродов Бухородаги болалар уйига ташриф буюрди ва хайрия қилди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Instagram саҳифасида маълумот берди.
Аввалроқ Маҳмуд Муродов Asian Fight турниридан оладиган гонорарини меҳрибонлик уйига тақдим этиши ҳақида айтиб ўтганди. Бироқ мусобақа ташкилотчилари унга бир тийин ҳам бермагани маълум бўлди. Бунгача ташкилотчилик қониқарсиз кўринишда бўлгани ҳақида мақолалар чоп этилганди.
Бугун ваъдамга биноан Бухородаги болалар уйига келдим. Чунки Asian Fight турниридан олган гонораримни болалар уйига хайрия қилишни ваъда қилгандим. Мен доимо сўзимда тураман.Болакайларга ёрдам бериш имкониятим борлигидан хурсандман. Улар чиндан ҳам ғамхўрлигимиз ва эътиборимизга муҳтождирлар. Мен Asian Fight учун бир тийин ҳам олганим йўқ. Лекин, ваъдамни бажардим. Бу каби ишларни яна узоқ йиллар давомида қилмоқчиман.
Агар кимдир кўмакка муҳтож бўлса, уларга ёрдам бериш керак, менга шундай ўргатишган.Савоб иш қилсанг, Худо сенга икки баробар қилиб қайтаради. Менда ҳам шундай бўлди. Мен муҳтожларга ёрдам беришга ҳаракат қилдим, Худо эса мени янада кўпроқ мукофотлади.
Бу билан мақтанмоқчи эмасман. Орамизда шундай ишларни қила оладиганлар етарлича. Шунчаки, ишонинг, болалар кўзидаги қувончни кўрсам, кучимга куч қўшилади. Уларга нисбатан бефарқ бўлманг, савоб иш қилинг.
Маҳмуд Муродов, MMA жангчиси
Изоҳ (0)