Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга ташрифи октябрь ойига режалаштирилган. Бу ҳақда Давлат раҳбарининг девонхонасига таяниб, «24.kg» хабар берди.
Таъкидланишича, президентнинг сафари жавоб ташрифи сифатида қаралади. Қирғизистон президентини Тошкентга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Бишкекка уюштирган ташрифи чоғида таклиф қилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бишкекка сафари якунлари бўйича миннатдорчилик мактубини йўллаган.
Ўзбекистон раҳбари ҳукуматга яқин кунлар ичида эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш ҳамда музорака ва учрашувлар натижаси бўйича имзоланган битимлар асосида йўл харитасини ишлаб чиқиш топшириғини берган.
«Ўзбекистон—Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган музокараларни давом эттириш учун Ўзбекистонга жавоб ташрифини буюришингизни сабрсизлик билан кутмоқдаман», — дейилади мактубда.
Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга ташрифи доирасида бизнес-форум, қирғиз ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг ҳамкорликдаги кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)