Йўл ҳаракати қоидаларига барча бирдек амал қилишга мажбур. Журналист Феруз Муҳаммад кино оламидаги ёш актрисаларнинг неча маротаба ҳайдовчилик гувоҳномасини олдириб қўйгани, неча йилдан буён машина бошқараётгани ва шу вақтгача неча сўм жарима тўлагани билан қизиқди.
Шаҳзода Муҳаммедова
Ўн саккиз ёшимдан автомобиль бошқариб келаман. Шу вақтгача жуда ҳам кўп маротаба қоида бузганим учун тўлаган жарималарим ҳам эсимда қолмаган. Сон-саноқсиз маротаба гувоҳнома олдирганман. Тезликни оширганим учун, камар тақмаганим сабабли кўп панд еганман. Сўнгги вақтларда кўчаларга камера ўрнатилгани боис, тўлаган жарималарим янада кўпайди.
Муқаддас Саъдуллаева
Мен жуда ҳам тартибли ҳайдовчиман. Ҳар қандай шошилинч вазиятларда ҳам рулга ўтирдимми, йўл қоидаларига амал қилиб, шошилмасдан юраман. Шу вақтга қадар бирор маротаба ҳам ҳайдовчилик гувоҳномамни олдирмаганман.
Ситора Алимжонова
Ҳайдовчилик гувоҳномамни 6-7 маротаба, машинани тез бошқариб, радарга тушганимдан сўнг олиб қўйишганини эслай оламан. Умумий қанча жарима тўлаганимни эслай олмайман-у, аммо фақат тезликни оширганим учун жаримага тортишгани ёдимда.
Зарина Низомиддинова
Беш йилдан буён машина бошқараман. Шу йиллар мобайнида икки маротаба ҳайдовчилик гувоҳномамни олдирганман. Икки маротаба ҳам тезликни оширганим учун «жазоланганман».
Ситора Фармонова
Ўн уч йилдан буён машина бошқараман. Шу йиллар мобайнида ҳайдовчилик гувоҳномамни ЙТҲга учраганим учун икки маротаба олдирганман. Бир марта камар учун адашмасам 30 минг сўмча жарима тўлаганман. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиб, тартибли ҳайдовчи бўлишга ҳаракат қиламан. Худога шукр, юқорида санаб ўтганларимдан бошқа жавобгарликка тортилмаганман.
Изоҳ (0)