Москвадаги 2015 йилда ўлдирилган сиёсатчи Борис Немцов яшаган уйда ўрнатилган хотира лавҳаси 12 сентябрь куни олиб ташланди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
SERB ҳаракати фаоли Гоша Тарасевич ижтимоий тармоқдаги саҳифасида лавҳа ноқонуний ўрнатилгани сабабли полиция бўлимига етказилганини маълум қилди.
Борис Немцов яшаган Климентов тор кўчасидаги уйга 7 сентябрь куни хонадон эгалари қарори билан хотира лавҳаси ўрнатилганди. Москва расмийлари таниқли арбоблар хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги тартибни бузганлиги сабабли бу ҳаракатни ноқонуний деб топди.
Бунга жавобан Замоскворечье тумани депутати Сергей Марков лавҳа хонадон эгаларининг хусусий мулки эканлиги, шу сабабли фақат суд қарори билан олиниши мумкинлигини билдирди. Уйда янги лавҳа ўрнатилиши эса мазкур масала ҳал бўлмагунча режалаштирилмаган.
Маълумот учун, SERB ҳаракати 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, мунтазам равишда мухолифат вакилларига қарши ҳужум ва акциялар уюштириб келади.
Изоҳ (0)