Ҳиндистоннинг Жарҳанд штатидаги Жамшидпур шаҳрида ёшларга қаратилган танлов бошланди. Танловнинг моҳияти одамларни чиқинди идишларидан фойдаланишга ўргатишдан иборат. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Танловда иштирок этиш учун чиқинди идиши билан тушилган селфини танлов ташкилий қўмитасининг офисига олиб келиш ёки Facebook’даги махсус саҳифага жойлаш керак. Суратлар 30 сентябргача қабул қилинади.
Учта ғолибга смартфонлар тақдим этилади, яна 50 киши шаҳар тозалигига ҳисса қўшгани учун маъмурият томонидан миннатдорчилик сертификатлари билан тақдирланади.
«Ёшлар кўпроқ ўзига эътибор қаратаётгани сабабли биз уларнинг эътиборини шаҳардаги тозаликка тортиш мақсадида танловни бошлашга қарор қилдик», — деди танлов ташкилотчлларидан бири.
Танлов бошланишидан бир неча ой олдин Жарҳанддаги давлат мактаби ўқитувчилари ўқувчилардан уйларидаги ҳожатхонада селфи тушишни сўраган. Бу чора ҳам атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашга қаратилган эди.
Изоҳ (0)