Руминия раҳбари маъмурияти ҳамда Эмиль Бок ҳукумати 2009 йили президент сайловини Траян Бэсеску фойдасига ҳал қилиш учун конкрет чоралар кўрган, бунинг натижасида тилга олинган сиёсатчи иккинчи марта президентлик лавозимини эгаллаган. Жорий йилнинг май ойида сайловдаги қоидабузарликларни тафтиш қилиш мақсадида ташкил этилган парламент комиссияси шундай хулосага келди, деб хабар беради «ТАСС».
Ҳисоботда айтилишича, «икки структуранинг хатти-ҳаракатлари синхронлаштирилган эди».
«Бу улар кенг миқёсли ва пухта ўйланган режанинг қисмлари бўлганини тасдиқлайди», — қўшимча қилинади ҳужжатда.
«Президент сайлови натижаларини сохталаштириш режасини амалга оширишда икки структура вакиллари қасддан ҳаракат қилган ва қонунларни писанд қилмаган», — маълум қилди парламент комиссияси вакилларидан бири.
Икки номзод тўплаган овозлар ўртасидаги фарқ 0,68 фоизни ташкил қилганини инобатга олиб, комиссия айнан шу хатти-ҳаракатлар натижани ўзгартириб юборган, деган хулосага келди.
Изоҳ (0)