АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Серф-сити шаҳрида полициядан денгизда сузиб қочиб кетишга уринган эркак акулага дуч келди. Полиция квадрокоптери томонидан олинган видео YouTube’га жойланган.
UPI’нинг хабар қилишича, полиция 20 ёшли Закари Кингсбери бошқарувидаги машинани тўхтатган ва унда гиёҳванд модда топган. Қўлга тушишдан қочиб, йигит океанга сакраган ва қирғоққа тескари томонга сузиб кетган.
Кингсберини таъқиб қилиш учун полиция квадрокоптер жўнатилган. У бир соат давомида қочоқни тасвирга олган. Бу вақт ичида йигит 1,2 километр сузган. Ҳаводан йигитнинг йўлида акула учрагани, бироқ йигитга эътибор қилмагани кўринган.
Уч соатдан сўнг Кингсбери шаҳар пляжларидан бирида қўлга олинган. Унга нисбатан автомобилда топилган гиёҳванд модда билан боғлиқ айблов эълон қилинган.
Изоҳ (0)