Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўстматов Германиянинг Гамбург шаҳрида давом этаётган Жаҳон Чемпионатида ҳам финалга қадар етиб келди.
Ярим финалда унинг рақиби колумбиялик Мартинес Юбержен эди. Тажрибали ўзбекистонлик боксчи жанг давомида унга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида муваффақият қозонди.
Ҳасанбойнинг финалдаги рақиби кубалик Йоаннис Аргилагос бўлади. Мазкур икки спортчи WSB таснифида жанг қилган бўлиб, Самарқанддаги амфитеатрда Ҳасанбой кубаликни таслим қилишга муваффақ бўлганди, деб ёзди «Оламспорт» нашри.
Жаҳон Чемпионатининг финалига, шунингдек, Иқбол Холдоров ҳам йўл олди. Ярим финалда у америкалик Фредус Роҳасни таслим қилишга эришди — 4:1.
Ярим финалчилардан ҳозирча фақатгина Санжар Турсунов имкониятни бой берди. -91 килограмм вазн тоиафсида Рио Олимпиадаси чемпиони ҳисобланган россиялик Евгений Тишенко Турсуновга имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.
Шу тариқа 19 ёшли ўзбекистонлик боксчи Жаҳон Чемпионатини бронза билан якунлади. У Тошкентда ўтган Осиё Чемпионатининг чорак финалида енгилиб, медалсиз қолган ягона ўзбекистонлик боксчи бўлган, шунга қарамай кейинроқ ЖЧ чиптасини қўлга киритганди.
Евгений Тишенконинг вазн тоифасида Риода Ўзбекистон шарафини Рустам Тўлаганов ҳимоя қилган бўлиб, у ҳам бронзага раво кўрилганди. Эндиликда Тўлаганов профессионал боксда ўз омадини синаб кўришга қарор қилган.
Ярим финаллар
- -49 кг: Ҳасанбой Дўстматов — Мартинес Юбержен (Колумбия) 5:0
- -64 кг: Иқбол Холдоров — Фредус Роҳас (АҚШ) 4:1
- -91 кг: Санжар Турсунов — Евгений Тишенко (Россия) — 0:5
Изоҳ (0)