Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Олмазор тумани, Фаробий кўчасида содир этилган одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
2017 йил 21 август куни Тошкент шаҳар ИИББ га Умида Ялгашева ариза билан мурожаат қилиб, август ойи бошларида Чилонзор тумани ҳудудида «Шаходат» исмли аёл билан танишиб қолганлиги, ушбу аёл «Зарина» исмли қизи ҳомиладорлиги, туғиладиган фарзандини 1000 доллар эвазига сотиш ниятлари бор эканлигини айтганини билдириб, мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шу куни ИИББ ходимлари томонидан тезкор тадбир режалаштирилиб, соат 14:00 ларда Олмазор тумани, Фаробий кўчасида жойлашган «Макро» супермаркети автотураргоҳида Шаҳодат Сатторова ва Зарина Жўрақулова 2017 йилнинг 16 август куни туғилган, ҳеч ҳандай шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган қиз чақалоқни 1000 доллар эвазига У. Ялгашевага сотган вақтларида ашёвий далил билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Сатторова ва З.Жўрақуловага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида уларнинг айби тўлиқ исботланиб, ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) билан айблов эълон қилинди. Жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда айбланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси танланмоқда.
Изоҳ (0)