Испаниянинг Каталония вилоятида 17 август куни юз берган терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бу ҳақда, Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасига асосланиб, Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
«Элчихона Испания Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиб турибди», — дейилади ТИВ ахборотида.
17 август куни Барселонанинг Рамбла сайёҳлик кўчасида одамлар устига фургон босиб борди. Ҳодиса оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 100 дан зиёд одам тан жароҳати олди. 18 августга ўтар кечаси эса Камбрильсда пиёдалар устига босиб боришга уринган вақти беш нафар террорчи йўқ қилинди.
Полиция маълумотларига кўра, ҳар иккала ҳужум 12 кишидан иборат террорчилик гуруҳи томонидан амалга оширилган. Улардан беш нафари ўлдирилган, уч нафари қўлга олинган. Тўрт киши, хусусан, Барселонадаги фургон ҳайдовчиси айни вақтда қидирувда.
Изоҳ (0)