Таниқли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Ўзбекистон халқ артистлари клубига раис бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад маълум қилди.
17 август куни «Ўзбекконцерт» давлат ташкилотида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Тадбирда бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда. Жумладан, унда Ўзбекистон халқ артистлари клубига раис ҳам тайинланган.
Хабар беришларича, хонанда Фаррух Зокиров «Ўзбекконцерт» раҳбари Азамат Ҳайдаров таклифига кўра, Ўзбекистон халқ артистлари клуби раиси бўлган. Мазкур клуб Ўзбекистондаги барча халқ артистлари ва хизмат кўрсатган артистларни бирлаштириши кутилмоқда.
3 август куни мамлакатнинг ижодкор зиёли вакиллари билан учрашган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ артистлари клубини ташкил этишни таклиф қилган эди.
«Ушбу клуб аъзолари мунтазам йиғилишиб, юртимиз ва жаҳон санъат оламида юз бераётган ижодий жараёнларни муҳокама қилиб борса, юқорида тилга олинган камчилик ва муаммоларни ечиш, ёш истеъдодлар тарбияси, маданиятимизни равнақ топтириш бўйича янги ғоя, ташаббус ва таклифлар билдириб борса, ўйлайманки, фойдадан холи бўлмасди. Клубнинг энг фаол аъзолари бўлган Халқ артистларини йил якуни бўйича эътироф этиб, рағбатлантириб боришни ҳам йўлга қўйиш лозим», — деган эди Президент.
Изоҳ (0)