Президентнинг 16 августдаги «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат таҳлилини Norma келтирди.
Ҳужжат билан Бадиий академиянинг, унинг марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг тузилмаси тасдиқланди ва муассасанинг асосий вазифалари белгиланди.
Унга кўра, Бадиий академиянинг раиси мақоми, моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича — вазирга, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб — вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
Келаси йил бошидан бошлаб Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий қилинади. Бундан ташқари, Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Бадиий академия учун бино қурилади. Унда рассомлар учун тажриба устахоналари очилади.
Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этилади. Унинг вазифаси мамлакат музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилашдан иборат.
Келгуси йилдан бошлаб Маданият вазирлигига юқорида кўрсатилган асарларни сотиб олиш учун ҳар йили давлат бюджетидан 1 миллиард сўм ва «Ўзвиносаноатхолдинг» компаниясининг ташаббуси билан хайрия асосида 1 миллиард сўм маблағ ажратилади. Улар Бадиий экспертлар кенгаши хулосасига биноан сотиб олинади.
Изоҳ (0)