Ямандаги вабо эпидемияси мамлакатнинг қарийб барча вилоятларини қамраб олди, 480 мингдан ортиқ одам касаллик билан зарарланган.
Бу ҳақда, БМТ бош котиби расмий вакили Стефан Дюжаррик берган баёнотга асосланиб, «ТАСС» агентлиги хабар бермоқда.
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Яманнинг 22 та вилоятидан 21 тасида вабо тарқалган.
«Вабо билан касалланганлик гумони остида 480 мингдан зиёд киши рўйхатга олинган, вабодан ўлиш билан боғлиқ қарийб 2 мингта ҳолат қайд этилган», — дейди Дюжаррик.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида вабонинг тарқалиш суръати пасайган, бироқ Яманда ёмғирлар мавсуми бошланиши билан касалликнинг тарқалиши яна фаоллашиши мумкин.
Дюжаррикнинг қайд этишича, Яман соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар салкам бир йилдан бери маош олмай ишлаяпти, мамлакат аҳолисининг 8,8 миллионга яқин қисми эса касалхоналар ва тиббиёт пунктлари етишмайдиган жойларда истиқомат қилади.
Изоҳ (0)