«Аш-Шабоб» террорчилик ташкилоти жангарилари Сомали жанубидаги шаҳарни эгаллаб олди. «РИА Новости» хабарига кўра, жангарилар ҳужуми арафасида шаҳарни ҳарбийлар ва Африка Иттифоқи миссияси тинчликпарвар кучлари (AMISOM) тарк этган эди.
Reuters агентлиги хабарига кўра, гап мамлакат пойтахъти Могадишо шаҳридан 130 километр масофада жойлашган Лиго (Леего) шаҳри ҳақида бормоқда.
Шаҳар фуқароларидан бирининг маълум қилишича, AMISOM ва Сомали армияси шаҳарни жума куни тонгда тарк этган. Шу заҳоти шаҳарга «Аш-Шабоб» жангарилари кириб келган.
«Шаҳар ҳозирча тинч, унинг ҳар бир қисмида жангариларни учратиш мумкин», — деди агентлик суҳбатдоши. Ҳарбийлар шаҳарни нима сабабдан тарк этгани ҳозирча номаълум.
Сомалида фаолият олиб борувчи «Аш-Шабоб» террорчилик ташкилоти «Ал-Қоида» билан яқин алоқага эга, деб ҳисобланади. Ташкилот 2008 йили АҚШ томонидан террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Изоҳ (0)