Хитой Шимолий Корея ядро ва ракета ишланмалари масаласида АҚШ билан ҳамкорлик қилиш учун ҳеч қандай фаол чоралар қўлламаяпти. АҚШ президенти Дональд Трамп 29 июль, шанба куни расмий Пекинга нисбатан шундай айбловни илгари сурди, деб хабар беради «ТАСС».
У Хитойнинг мазкур йўналишдаги ҳаракатларини танқид остига олди.
«Хитойдан жуда ҳафсалам пир бўлди», — таъкидлади ушбу мавзуда Twitter’да туркум ёзувлар қолдирган АҚШ етакчиси.
«Бизнинг аввалги аҳмоқ етакчиларимиз уларга савдода йилига юзлаб миллиард доллар ишлаб олишга имкон берган. Бироқ улар Шимолий Корея бўйича ҳеч нарса қилмаяпти, гапдан нарига ўтмаяпти. Биз бундай ҳолат яна давом этишига йўл қўймаймиз. Хитой осонлик билан ушбу муаммони ҳал этиши мумкин», — деган ёзув қолдирди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни КХДР навбатдаги ракета учирилишини амалга оширди.
Изоҳ (0)