Наманганда одам савдоси билан шуғулланиб келган шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғалди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Поп тумани, «Истиқбол» МФЙда яшовчи, 1970 йилда туғилган Жамила Норбоева (исм-шарифлар шартли) маҳалладоши бўлган икки аёлни Россиянинг Клин шаҳрида ошпазлик билан шуғулланишларини айтиб, алдаб олиб кетади. У ерда паспортларини олиб қўйиб, бир йил давомида фоҳишалик билан шуғулланишларига мажбур қилади. Ҳозирда Ж. Норбоевага нисбатан Поп туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган тумани, «Хонобод» МФЙда истиқомат қилувчи, 1977 йилда туғилган Раҳимжон Абдумаликов «Қоратепа» маҳалласида яшовчи Н. Нуриддинов, А. Деҳқонов, З. Орипов, Н. Қўчқоровларни қурилиш ишлари борлигини айтиб, ҳар ойга 400-500 доллар иш ҳақи ваъда қилиб, Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрига олиб борган. Сўнг паспортларини йиғиб олиб, Талғат исмли шахсга топшириб юборган.
Р. Абдумаликов ҳамюртларини уч ой давомида оғир меҳнат шароитида мажбурий ишлатиб, иш ҳақлари ва паспортларини бермаганлиги аниқланди. Унга нисбатан Наманган туман ИИБ томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)