Ўзбекистонда Huawei компаниясига тегишли Honor брендининг сўнгги флагман телефонларидан бири — Honor 8 сотувга чиқди, деб ёзади «Mobinfo.uz».
Қурилма иккала томондан ҳам қирралари айлана шиша ром билан ҳимояланган, сиртдан эса металл ром жойлашган. Орқа корпус прессланган материал (15 қават)дан тайёрланган ва 3D ўйма нақш эффектига эга. Қуёшга тутган вақтингизда унда турли-туман нақшларни кўриш мумкин.
Honor 8 5,2 дюймли IPS-экран, 8 ядроли Kirin 950 процессори, 4 Гб тезкор хотирага эга бўлди. Қурилма Android 6.1 операцион тизими асосидаги EMUI 4.1 фирма қобиғида ишлайди.
Янги 3D бармоқ изи сканери технологияси шарофати билан, Honor 8’ни блокдан чиқариш бор-йўғи 0,4 сония вақт олади.
Шунингдек, телефон 8 мегапикселли олд ва 12 мегапикселли асосий камера, 3000 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган.
Тошкентдаги «Малика» савдо марказида Honor 8 (4 Гб тезкор ва 32 Гб доимий хотирали) 3,9 миллион сўмга таклиф қилинмоқда.
Ушбу қурилмани кўрсатилган нархда сотиб олишга «Дарё» нашри кафолат бермайди. Қурилма ва унинг нархи ҳақидаги ахборот фақат танишиш учун тақдим этилган.
Изоҳ (0)