12 июль куни Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтининг ахборот-ресурс маркази ходими пора олиш устида қўлга тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайти орқали маълум қилинди.
«12 июль куни соат 19:30 да Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти ахборот-ресурс маркази етакчи мутахассиси Ҳасанов Фурқат Шукрулла ўғли фуқаро Эсонов Абдумалик Турғун ўғлининг ишончига кириб, унга олийгоҳнинг мансабдор шахсларига пора бериш йўли билан мазкур институтга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг учун ундан 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди», — дейилади хабарномада.
Ҳолат юзасидан прокуратура идоралари томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «а» банди (фирибгарлик, яъни анча миқдорда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора беришга далолатчилик қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)