7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (МОМЕМ) ижрочи директори Искандар Абдуллаевни қабул қилди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
МОМЕМ 1998 йилда Даниянинг Орхус шаҳрида бўлиб ўтган Табиатни муҳофаза қилиш вазирларининг тўртинчи умумевропа конференцияси қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон Республикалари БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Комиссияси МОМЕМнинг таъсисчилари ҳисобланади.
ТИВда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва МОМЕМ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Алоҳида таъкидландики, 2017 йилнинг июнь ойида Ашхобод шаҳрида Биринчи Марказий Осиё экологик форумининг муваффақиятли ўтказилиши минтақадаги атроф-муҳит муҳофазаси масалалари билан шуғулланадиган давлат ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари ўртасидаги мулоқотга янгича тус берди.
Абдулазиз Комилов МОМЕМ вакилларини жорий йилнинг кузида Самарқандда БМТ раҳбарлигида бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.
Изоҳ (0)