Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 июлдаги фармони билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуранбоев Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича давлат малаҳатчиси ва Олий мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланди. Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Президентининг расмий сайтида чоп этилди, деб хабар берди «Газета.uz».
Бунга қадар Президентнинг жамоатчилик ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган Қаҳрамон Қуранбоев 30 июнда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига (собиқ «Камолот» ёшлар ҳаракати) раҳбар этиб тайинланганди.
Иттифоқнинг марказий кенгаши раиси бир вақтнинг ўзида Президент маслаҳатчиси ҳамда сенатор лавозимида бўлишини ёшлар ташкилотининг қурултойида сўзга чиққан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев маълум қилган эди.
Шунингдек, мамлакат раҳбарининг маълум қилишича, Қорақалпоғистон кенгаши раҳбарлари, Ёшлар иттифоқининг вилоят, туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарлари Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси ва ҳокимларнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланади.
Изоҳ (0)