Термизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Замонавий спорт майдонлари, бассейн, амфитеатр, маънавият-маърифат маркази, кутубхона, тўгараклар учун кенг аудиторияларга эга оромгоҳ қурилишига 34 миллиард сўм сарфланди.
200 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган оромгоҳда тантанали очилиш маросимидан сўнг илк мавсум бошланди. Ёзги мавсум давомида эса бу ерда мингдан ортиқ бола дам олиши мўлжалланган. Яқин орада эса мазкур объект машҳур «Артек» оромгоҳи каби йил мобайнида фаолият кўрсатиши билдирилмоқда.
Оромгоҳ атрофида ҳудудни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, икки қаватли бахшилар мактаби қурилиши якунланмоқда. Шунингдек, 17 гектар майдонда спорт-соғломлаштириш мажмуи, маиший хизмат пунктлари, маданий-кўнгилочар объектлар барпо этилади.
Изоҳ (0)