Венесуэла полициясининг илмий, жиноий ва криминалистик тадқиқотлар корпусига тегишли вертолёти 27 июнь, сешанба куни кечқурун Каракасни айланиб учиб, бўйсунмасликка даъват этди ва Венесуэла Олий суди биносига ҳужум қилди. Бу ҳақда алоқа ва ахборот вазири Эрнесто Вильегас маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Бир киши республикага қарши қурол кўтарди. У вертолётни ўғирлаб кетиб, олий судга ҳужум қилди», — деди у.
Ижтимоий тармоқларга жойланган суратларда экипаж «350. Эркинлик» деган ёзувли плакатни осиб олганини кўриш мумкин. Бунда гап конституциянинг 350-моддаси ҳақида бормоқда, унда ҳукумат демократик қадриятларни, тамойиллар ва кафолатларни, шунингдек, инсон ҳуқуқларини бузган тақдирда, фуқаролар уни тан олмаслиги мумкинлиги ҳақида гапирилади.
Ахборотни президент Николас Мадуронинг ўзи ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, учувчилардан бири илгари собиқ ички ишлар вазири Мигель Родригес Торреснинг учувчиси бўлган. Мадуронинг маълумотларига кўра, вертолётдан иккита граната ташланган, улардан бири портламай қолган.
Учувчининг тақдири ҳақида хабар берилмаяпти. Пойтахт устидан учиб ўтгач, у вертолётни бинолардан бирининг томига қўндирган.
Изоҳ (0)