Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари таклиф этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ОАВ ходимларига байрам табригини Президентнинг давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р. Қурбонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани А. Матёқубов ва бошқалар табдирда чиқиш қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган «Йилнинг энг фаол журналисти» ижодий танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди. Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан таъсис этилган «Энг фаол спорт журналисти» республика танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.
Тадбирда Ўзбек Миллий академик драма театрининг «Мирзо Улуғбек» спектакли намойиш этилди.
Шу куни пойтахтдаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ОАВ ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун сайил бўлиб ўтди. Ижодий кечалар, китоб савдоси, спорт мусобақалари ташкил қилинди, мусиқий дастурлар намойиш этилди. Барча аттракционлар кичкинтойларга бепул хизмат кўрсатди.
Изоҳ (0)