Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2017 йил 26 июнда Нидерландия қироллигининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Регина Вероника Мария Жонс-Босни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Элчи ишонч ёрлиқларини топширди. Вазир элчини Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади ҳамда юқори ва масъулиятли лавозимда омад тилади.
Суҳбат давомида Ўзбекистон — Нидерландия алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг 25 йил давомида эришилган юқори даражадаги ҳамкорлик ижобий баҳоланди. Шунингдек, алоқаларни барча соҳаларда кенгайтириш, хусусан 2017—2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида муносабатларни ривожланритиш учун томонлар улкан салоҳиятга эгалиги таъкидланди.
Музокаралар чоғида сиёсий соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки давлат ишбилармон доиралари, туризм, илм-фан, таълим, маданият ва санъат вакиллари ўртасида тўғридан тўғри ва ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштиришдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Учрашувда икки томон кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Маълумот учун, Нидерландия элчисининг қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган.
Изоҳ (0)