Қозоғистон парламенти сенати 22 июнь, пайшанба куни «Қозоғистон Республикасининг баъзи қонунчилик ҳужжатларини Қозоғистон Республикаси конституцияси меъёрларига мувофиқлаштириш масалалари бўйича уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади, дея хабар бермоқда «ТАСС». Ҳужжат террорчилик ва бошқа ўта оғир жиноятлар учун фуқароликдан маҳрум қилишни кўзда тутади.
Қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад — қонунчилик ҳужжатларини яқинда конституцияга киритилган тузатишлар билан мувофиқлаштириш. Унда террорчилик ҳаракатини амалга оширганлик, террорчилик гуруҳини тузганлик ва унга раҳбарлик қилганлик ҳамда унинг фаолиятида иштирок этганлик учун фуқароликдан маҳрум қилиш кўринишидаги муқобил жазо таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, республиканинг миллий ва ҳаёт учун муҳим манфаатларига оғир зарар етказадиган жиноятлар учун ҳам фуқароликдан маҳрум этиш таклиф этилмоқда. Бундай жиноятларга геноцид, айирмачилик фаолияти, экстремистик гуруҳни тузиш ва бошқариш ёки унинг фаолиятида иштирок этиш кабилар киритилган.
Изоҳ (0)