Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатга кўра, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб мева-сабзавот экспорти тартибига ўзгартиришлар киритилади. Жумладан:
тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади;
ўзи ишлаб чиқарган товарларни хорижий валютага уларнинг таннархидан паст нархлар бўйича мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ташқи савдо ташкилотлари орқали экспорт қилувчи ташкилотларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 26 мартдаги ПҚ-1731-сонли қарори билан ташкил этилган Маҳсулотларни жаҳон бозорида ҳақиқий вужудга келган, шу жумладан, таннархидан паст нархлар бўйича экспорт қилиш масалаларини кўриб чиқувчи махсус эксперт комиссияси қарорлари асосида, солиқ солиш мақсадида товарларни (ишлар, хизматларни) сотишдан олинган тушумлар миқдори товарларни (ишлар, хизматларни) сотишнинг ҳақиқий нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади;
илгари фойдаланишда бўлган машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмларни улар тайёрланган вақтдан бошлаб беш йил ўтгандан кейин экспорт қилиш ҳукумат қарорларисиз амалга оширилади;
келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари уч иш кунигача қисқартирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги халқаро карантин қоидаларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий норматив ҳужжатларга жорий этилишини таъминлаш бўйича тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқиши кўзда тутилган.
Қарорга келтирилган шарҳда айтилишича, мазкур қарор меъёр ва тартибларининг амалга оширилиши республиканинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқишда замонавий маркетинг усулларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини оширишга йўналтирилган.
Изоҳ (0)