20 июнь куни Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатга кўра, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, «Ўзархив» агентлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, мамлакат тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини Ўзбекистонга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;
фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш;
чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни мамлакатга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;
маданий бойликларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва самарали бажарилишини таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро шартномалар ва умумеътироф этилган нормаларни миллий қонунчилик нуқтаи назаридан атрофлича ўрганиш;
Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, глобал интернет тармоғида кенг ёритиш, улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш;
тўпланган материалларни мамлакат ва жаҳон миқёсида илмий муомалага киритиш.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилади. Унинг асосий вазифалари:
Марказ томонидан мамлакат тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш юзасидан олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш;
Марказнинг йиллик фаолият режасини тасдиқлаш ва унинг амалга оширилиши учун кўмаклашиш, шунингдек, заруратдан келиб чиққан ҳолда, марказга юкланган асосий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, марказнинг таклифига асосан унинг мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан марказга жалб қилинадиган экспертларни хорижий давлатларга сафарларга жўнатиш ишларини мувофиқлаштириш;
ҳар чорак якуни бўйича марказ ҳисоботларини эшитиш, унинг фаолияти самараси ва натижадорлигини баҳолаш;
мамлакат тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.
Марказ қуйидаги манбалардан молиялаштирилади:
Марказни сақлаб туриш харажатлари, шунингдек, 2017 йилда марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлар учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
давлат буюртмаси асосида илмий тадқиқотларни бажариш учун Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ажратиладиган мақсадли грант маблағлари;
Марказ мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан унга жалб қилинадиган экспертларни хорижий давлатларга хизмат сафарларига юбориш ва чет эллик мутахассислар (экспертлар)ни жалб этиш харажатлари ва Марказ фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатлар учун тадбиркорлик фаолиятидан, жумладан, ноширлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Изоҳ (0)