ЎзАнинг хабар беришича, «Наманган шаҳрида Алишер Навоий, Амир Темур ва Бобораҳим Машраб кўчаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган 3 мингга яқин Damas русумли транспорт воситаси ҳаракати чекланди ва ушбу кўчаларга боғлиқ бўлган 15 йўналишда 155 та Isuzu автобусининг мунтазам ҳаракати йўлга қўйилди».
ЎзАнинг хабарида шаҳарга олиб келган Isuzu автобусларининг русуми ҳақида маълумот берилмаган (Самарқанддаги автозавод йўловчи сиғими 38 та бўлган SAZ HC 40 автобусидан ташқари ўз бағрига 57 йўловчини сиғдира оладиган қисман паст полли SAZ LE 60 автобуси ҳам ишлаб чиқарилади). Шунингдек, номлари зикр этилган кўчаларда бунгача нечта автобус мунтазам қатнаганига аниқлик киритилмаган.
155 та Isuzu автобуси йўловчи ташишда 3000 га яқин Damas’нинг ўрнини боса олармикин? Қўпол математик ҳисоб-китоблар «Йўқ!», деган қатъий жавобни тақдим этмоқда.
Битта Damas автомобили ҳайдовчидан ташқари яна 7 йўловчини сиғдира олади. Умумлаштириб ҳисоблаганда, 3000 та Damas назарий жиҳатдан бир қатновда 21 000 (йигирма бир минг) йўловчини манзилга етказиши мумкин. Айни вақтда, 155 та SAZ HC 40 автобуси назарий жиҳатдан бир қатновда 5 890 нафар йўловчини, 155 та SAZ LE 60 автобуси эса 8 835 нафар йўловчини манзилга етказа олади.
Изоҳ (0)