Германиянинг Ганновер шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидан қолиб кетган иккита бомбани зарарсизлантириш учун 50 минг киши хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Мазкур операция Ганновернинг ҳар ўнинчи фуқаросига дахл қилди ва, шу тариқа, Германия тарихидаги энг йирик иккинчи шундай тадбирга айланди.
Турар жойлардаги аҳолидан ташқари, еттита қариялар уйи, касалхона ва Continental шина заводи ходимлари ҳам эвакуация қилинган.
Вақтинчалик кўчирилган аҳоли учун бепул егуликлар ва маданий дастур ташкил этилган. Аҳоли кечга яқин ўз уйларига қайтишлари мумкин бўлиши кутилмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши бомбалари билан боғлиқ энг катта эвакуация ўтган йили Аугсбургда қайд этилган эди. Ўшанда қурилиш ишлари вақтида топилган 3,8 тонналик бомба сабаб 54 минг киши хавфсиз ҳудудга кўчирилган эди.
Изоҳ (0)