Uber вертикал учиш ва қўниш технологияси асосидаги учар аппаратларнинг ишлаб чиқарилиш муддатларини маълум қилди. Компания учар таксилар тақдимотини 2020 йилда ўтказишни ва уч йилдан сўнг кемаларни тўлиқ ишга туширишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашрига таяниб, TJournal хабар берди.
Компаниянинг режалари ҳақида Elevate summit конференциясида маълум қилинди. Маҳсулотлар бўйича директор Жефф Холденнинг сўзларига кўра, дастлабки кўргазмали парвозларни Дубай ва Даллас шаҳарларида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Икки шаҳарда электр двигателли енгил самолётлар синови 2020 йилга мўлжалланган. Uber’нинг ҳисоб-китобига кўра, учар таксилар ёрдамида шаҳарнинг зич ҳудудларида йўл учун сарфланадиган вақт 30 дақиқадан 5 дақиқагача қисқаради.
Uber учар аппаратларни ишлаб чиқариш, қувватлаш тизимини ишлаб чиқиш ва кичик қўниш бекатларини қуриш билан ёлғиз ўзи шуғулланмайди. Компания самолёт ишлаб чиқарувчилар, зарурий инфратузилма ва кўчмас мулк агентликлари орасидан ҳамкорлар топган.
Uber лойиҳа доирасида NASA, шунингдек Даллас ва Дубайнинг транспорт соҳасидаги расмийлари билан ҳамкорлик бошланганини маълум қилди. Компания Техасда учиш ва қўниш учун ер участкаларини танлашга эътибор қаратди. БАА амалдорлари транспорт воситасининг энг мақбул ҳаракат йўналишларини тадқиқ қилиш ва ҳайдовчиларнинг иш ҳақини молиялаштирди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)