Америкалик машҳур хонанда Жанет Жексон биринчи фарзанди дунёга келганидан сўнг уч ой ўтиб эридан ажрашди. Бу ҳақда TMZ нашрига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Хабар қилинишича, қўшиқчи ва унинг эри — қатарлик миллионер Виссам ал-Мана уларнинг никоҳи кўнгилдагидек бўлмади, деган хулосага келган. Шунинг учун улар ажрашишга қарор қилган.
50 ёшли Жанет Жексон ўғлини 3 январда дунёга келтирган. Хонанда қатарлик тадбиркорга 2012 йилда турмушга чиққан. Болакай уларнинг тўнғич фарзанди бўлган. Аввалроқ Жанет икки марта турмуш қурган. Биринчи никоҳ бир йил давом этган ва 1985 йилда бекор қилинган. Иккинчиси эса тўққиз йил давом этган ва 2000 йилда ажрим билан ўз ниҳоясига етган.
Жанет Жексон 2009 йилда вафот этган Майкл Жексоннинг синглиси ҳисобланади. У 1986 йил февраль ойида чиққан Control номли учинчи альбомидан сўнг машҳурликка эришган. Хонанда 1990 йилларда машҳурлик чўққисини забт этган. Унинг альбомлари 140 миллион нусхада сотилган, шунинг учун Жанет Жексон замонавий мусиқа тарихидаги энг машҳур ижрочилар қаторига киради.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)