Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ўзгаришлар Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111 ва 112-моддаларига тегишли. Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд амалиёти соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Олий судига бирлаштирилди.
Янги тизим — Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. У судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий тамойилига амал қилиниши таъминланишига кўмак беради.
Суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри иқтисодий ва маъмурий судлари, шунингдек, туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ҳамда туман ва шаҳар маъмурий судлари ташкил этилди.
Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Олий судини ва Ўзбекистон Олий хўжалик судини бирлаштириш, маъмурий ҳамда иқтисодий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалар 2017- йил 1 июндан эътиборан амалга киритилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)