«Ўзбекистон почтаси» тузилмасида Тошкент чорраҳаларидаги видеокамералар томонидан қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатлари учун маъмурий баённомалар ва жарималарни юбориш билан шуғулланувчи махсус бўлим ташкил этилди. Миллий почта операторининг хабар қилишича, ишлар Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси билан тузилган шартнома асосида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Бўлимнинг вазифалари қаторига ЙҲХББ автоматлаштирилган тизими орқали жаримага тортиш тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш, уларни қайта ишлаш, чоп этиш ва юбориш киради. Баённомалар топширилгани тўғрисидаги маълумот ички ишлар органларига маълум қилиш учун маълумотлар базасига киритилади.
«Ўзбекистон почтаси»нинг хабар қилишича, айни пайтда бўлимда 15 киши фаолият кўрсатмоқда. Иш 9:00 да бошланиб, 21:00 да тамом бўлади. Ходимлар мавжуд иш ҳажмини иш вақтида тугаллашга муваффақ бўлмоқда.
Автоматлаштирилган қайд этиш тизими ишга тушган дастлабки кунларда кундузги қайта ишланадиган огоҳлантиришлар сони қарийб 5000 тани ташкил этган бўлса, 17 мартдан сўнг бу кўрсаткич сезиларли даражада камайган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)