Франция собиқ бош вазири, Республикачилар партиясидан президентликка номзод Франсуа Фийон бир йўла иккита можаро иштирокчисига айланди, деб ёзади «Ведомости».
Аввалроқ Фийонга давлат маблағларини сарф қилиб юбориш айблови қўйилган эди. У депутат вақтида рафиқаси Пенелопани ўз ёрдамчиси этиб тайинлаб, у аслида ҳеч қандай вазифани бажармаган бўлса-да, унга маош тўлаганликда гумон қилинмоқда. Сенаторлик лавозимида эса у, гўёки, шунга ўхшаш вазиятда ўз фарзандларига пул тўлаган. Сиёсатчи ва унинг рафиқасига нисбатан текширув олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, у 2015 йил июнида Петербург иқтисодий форуми доирасида ливанлик миллиардер Фуад Маҳзумийнинг Россия президенти Владимир Путин ва Total бош директори Патрик Пуянне билан учрашувини ташкил қилган бўлиши мумкин. 2015 йил бошида ливанликнинг Future Pipe Industries қувур ясаш консорциуми собиқ бош вазирнинг 2F Conseil консалтинг компанияси билан 46 минг евро (50 минг доллар)лик шартнома имзолаган эди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Франция нашрининг бундай ахборотини «навбатдаги сохта хабар» деб атади.
2F Conseil Фийоннинг бош вазир лавозимидан кетишидан бир неча ой аввал тузилган эди. Қонун бўйича Франция депутатлари ўзлари сайланганидан кейин ташкил қилинган консалтинг бизнесини бошқариш ҳуқуқига эга эмас.
Изоҳ (0)