Испаниянинг Patentes Talgo компанияси томонидан «Ўзбекистон темир йўллари» буюртмасига асосан Talgo 250 поезди негизида ишлаб чиқилган янги «Афросиёб» тезюрар поездларининг дастлабкиси Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, вагонлар дастлаб Испаниянинг Билбао портидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига денгиз йўли билан саккиз кунда олиб келинган.
Шундан сўнг, янги «Афросиёб» 28 февраль куни Санкт-Петербург станциясидан йўлга чиқиб, 4 март куни «Ўзбекистон темир йўллари»нинг Ўртаовул станциясига етиб келган.
Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» иккита янги «Афросиёб» поездларини сотиб олаётгани ҳақида хабар берилган эди. Иккинчи поезд юқорида қайд этилган йўналиш бўйлаб 2017 йил апрелида Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда.
Янги поездлар «Тошкент—Қарши» ва «Тошкент—Бухоро» йўналишлари бўйлаб қатнаши кутилмоқда. Аввалроқ янги «Афросиёб»ларнинг биринчи Испаниядан йўлга чиқаётган акс этган фото ва видеолар эълон қилинган эди.
Ҳозирда Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб Patentes Talgo томонидан Talgo 250 негизида махсус ишлаб чиқилган иккита «Афросиёб» поездлари ҳаракатланмоқда. Поездлар 2011 йил октябридан Тошкент ва Самарқанд оралиғида ҳаракатланган бўлса, 2015 йил сентябридан Қарши шаҳригача, 2016 йил сентябридан эса Бухорогача қатнай бошлади.«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)