2017 йил 6 февраль куни халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Туман Кенгаши депутатлари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида туманда олиб борилаётган ишлар ҳолатини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Селектор тарзида ўтказилган йиғилишда Хоразм вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вилоят ва туманнинг мутасадди раҳбарлари, тумандаги бир қатор хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан тумандаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шунингдек хизмат кўрсатиш идораларининг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада адо этаётганлиги туман аҳолиси билан ўтказилган бевосита мулоқотлар чоғида ўрганиш натижалари танқидий руҳда батафсил кўриб чиқилди.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида бир қатор ташкилий ва амалий ишлар амалга оширилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2017 йил 1 январь ҳолатига туманда тадбиркорлик субъектларининг сони 120,5 фоизга, шу жумладан, оилавий тадбиркорлар сони 130,5 фоизга ўсган. Тижорат банклари томонидан ишбилармонларга кредит маблағларини ажратилишига ҳам эътибор кучайтирилган. Туман прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, давлат солиқ идораларининг 12 нафар ходимига нисбатан интизомий, уч нафар ходимига нисбатан эса маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Шу билан бир қаторда ўрганиш натижалари туманда ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг ер ажратиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари асоссиз бузилаётганлиги, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишда электр ва газ таъминотидаги муаммолар ҳамон тўсиқ бўлаётганлиги кузатилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тумандаги мутасадди идоралар ишининг самарадорлиги кўнгилдагидек эмас.
Туманда бор-йўғи 1817 нафар мактабгача ёшдаги болалар ёки жами болаларнинг ўн фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу ишга мутасадди бўлган идоралар раҳбарларининг лоқайдлиги танқид остига олинди. Шунингдек, туманда аҳолига савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражаси ҳам замон талабларидан орқада қолмоқда. Бундай ҳолатлар газ таъминотида ҳам мавжуд.
Халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Жумладан, сессия йиғилишлари тизимли ўтказилмаётганлиги, унда масалалар юзаки муҳокама қилинаётганлиги, депутатлар ўз фаоллигини янада оширишлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)