Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг 2-турини ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафарда ўтказади. Uzbek Tigers жамоасининг навбатдаги рақиби Қозоғистоннинг Astana Arlans клуби бўлади.
Тўқнашувлар 18 февраль куни Қозоғистоннинг Толдиқўрғон шаҳрида ўтади, деб ёзди «Оламспорт». Унда ҳам одатга кўра Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг беш нафардан боксчиси ўзаро рингга кўтарилади.
Қайд этиш керак, Рио—2016 қаҳрамонларисиз China Dragons билан беллашган Uzbek Tigers 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Унинг бўлажак рақиби Astana Arlans эса Москва шаҳрида Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасидан устун келди — 3:2.
Қозоғистонлик боксчилардан Ильяс Сулейменов (56 кг), Абилхон Аманқулов (75 кг) ва Антон Пинчук (91 кг) рақибларини мағлубиятга учратган. Темиртас Жусупов (49 кг) ва Дилмурат Мажидов (64 кг) мағлубият аламини тотиб кўрган.
Қозоғистон термасига қарши рингга чиқадиган Ўзбекистон термаси аъзоларининг номи келаси ҳафта эълон қилинади.
Изоҳ (0)