Францияда номаълум шахслар «Макдоналдс» ресторанида тушлик қилиш учун тўхтаган ҳарбийларнинг қуролини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда 5 февраль, якшанба куни LCI телеканали маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Ҳодиса 2 февраль, пайшанба куни Франция жануби-шарқидаги Изер департаментидаги Ла-Верпийер коммунасида юз берди. Парижда хавфсизликни таъминлаш бўйича операциясида иштирок этиб қайтаётган уч нафар ҳарбий «Макдоналдс»га кира туриб, FAMAS винтовкаларини автомобилда қолдирган. Машинага қайтган ҳарбийлар унинг ён ойналаридан бирининг синганлиги, ундаги икки винтовка ва унинг ўқлари йўқолганлигини аниқлади.
Ҳарбий хизматчилар полиция чақирди. Қидирув операцияларига ўнлаб полициячилар ва вертолёт жалб этилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, жиноятчилар икки киши бўлган. Полициячилар уларни қидирмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)