Теннис бўйича Австралия очиқ чемпионатининг эркаклар ўртасидаги яккалик турнири ҳам ўз ниҳоясига етди. Аввалроқ аёллар ўртасидаги ҳал қилувчи ўйинда опа-сингил Уильямслар кортга тушган бўлиб, сингил Серена икки сет натижасига кўра опасидан устун келганди.
Дунё теннис рейтингида 17-ўринда бораётган Рожер Федерар эркаклар ўртасидаги мусобақанинг финалида тўққизинчи ракетка бўлиб турган испаниялик Рафаэль Надалга қарши кураш олиб борди ва ғолиб чиқди — 6:3, 3:6, 6:1, 3:6, 6:3.
Федерар учун бу Австралия очиқ чемпионатидаги бешинчи ғалаба бўлди. Ракетка устасининг «Катта дубулға» туркумидаги турнирлардаги чемпионлиги энди 18 тани ташкил қилади.
Рожер сўнгги бор Уимбилдон—2012 да ғолиб чиққан бўлиб, шундан кейин «Катта дубулға» ғолиблигини қўлга кирита олмаганди. 2017 йилнинг биринчи ойи эса швейцариялик учун омадли келди.
Маълумот учун, Федерер Надални «Катта дубулға» финалларида сўнгги бор 10 йил муқаддам — Уимбилдон—2007 да мағлуб этган бўлиб, орадан 10 йил ўтиб у бунга яна бир бор муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)