Қишнинг совуқ кунларида пар куртка энг севимли кийимингизга айланади. Бироқ у аввалги чиройини йўқотган ва уни тозалаш талаб этилса, у ўз вазифасини бажаришни давом эттириши учун қандай ювиш керак?
Пар курткани ювишни бошлашдан олдин унга мос келувчи ювиш воситасини аниқлаб олиш керак. Уларни оддий қуруқ кукун билан ювиш мумкин эмас. Шунингдек, хлор каби воситалардан уй шароитида фойдаланиш ҳам тақиқланади. Бунинг учун пар матоларни ювиш учун махсус мўлжалланган рангсиз суюқ совун ёки шампундан фойдаланиш мумкин.
Ювишни бошлашдан аввал куртканинг ечиб олиш мумкин бўлган қисмлари ва мўйнасини олиб қўйинг. Олинмайдиган безакларни эса сув ўтказмайдиган плёнка билан ўраб қўйиш мумкин.
Пар курткаларни қўлда ювишни тавсия этамиз. Агар унда биттагина доғ бўлса, унинг ўзини юмшоқ шампунь ва яхши чўтка ёрдамида тозалаш мумкин.
Агар уни тўлиқ ювиш талаб этилса, қуйидаги йўриқномага амал қилишни тавсия этамиз:
- пар курткани ваннадаги кийимосгичга илиб қўйинг;
- душ ёрдамида уни юқори қисмидан эҳтиёткорлик билан намланг;
- уни совунлай туриб, тирсак, манжет, чўнтак, занжирсимон ёпқич ва ёқа қисмларига эътибор қаратинг;
- яхши чўтка ёрдамида юқоридаги қисмларини ишқанг;
- кўпикни яна душ ёрдамида ювинг, пар куртканинг ички тўлдиргичини жуда ҳўл қилиб юбормасликка ҳаракат қилинг;
- ювиб бўлганингиздан кейин кўпик изи қолмаганлигига аҳамият беринг.
Энг муҳими пар курткани фақат вертикал ҳолатда қуритиш мумкин. Бунинг учун яхши об-ҳавода ҳам икки кун талаб этилади.
Изоҳ (0)